Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозорини яратиш керакми – эксперт фикри

Россиялик эксперт Ўзбекистоннинг янги электр энергия улгуржи бозори тизимига ўтишининг ижобий ва салбий томонларини санаб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 окт – Sputnik. Ўзбекистон яқин йиллар ичида босқичма – босқич электр энергиясини ишлаб чиқиш, етказиб бериш ва тақсимлаш борасида янги тизимга ўтишини режалаштирмоқда.

Россия Миллий энергетика хавфсизлиги фондининг бош таҳлилчиси Игорь Юшков бу борада ўз мулоҳазаларини билдирди.

Президент 2021–2022 йилларда электр энергияси тарифини оширмаслик бўйича топшириқ берди

Эксперт фикрига кўра ушбу жараёнда асосийси – янги тизимга ўтишнинг ҳар бир босқичида ишлашга қодир бўлган электр таъминоти тизимини сақлаб қолишдир.

Иккинчидан, янги тизимга ўтиш харажатларини тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширишнинг иложи йўқ. Россия тажрибаси бу борада жуда фойдали бўлиши мумкин.

“Россия ҳам ўз вақтида РАО ЕЭС (ягона энерегетика компанияси) бўлиб ташлаган эди ва унинг энергия ишлаб чиқариш қисмини хусусийлаштирган эди. Бунинг натижасида, ҳозир Ўзбекистон айтаётган, улгуржи энергия бозори яратилган эди. Мақсад – ушбу соҳада рақобат яратиш, унга инвесторларни жалб қилиш, янги электр станциялари қурилишини таъминлашдир”, - дейди Юшков.

Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Инвестор даромад олиш мумкин бўлган жойга келади. Натижада электр энергияси улгуржи бозорини яратиш – унинг нархи ошишига олиб келиши табиий ҳолдир. Шу билан бирга давлат томонидан сунъий равишда нархлар ўсишини “ушлаб туриш” ҳам - яхши эмас. Бунинг оқибатида – соҳада турғунлик содир  бўлиши мумкин.

“Йиллар давомида нархларни ушлаб туриш – соҳага сармоялар киритилмаслиги, ускуналар эскириши ва самарадорлик тушиб кетишга олиб келади. Оқибатда электр узатиш тизимининг ишончлиги йўқолади. Свет тез-тез ўчадиган бўлиб қолади. Бу муаммони собиқ Иттифоқ ҳудудида барча яхши билади”, - дейди эксперт.  

Юшков фикрига кўра, электр таъминоти соҳасида хусусий инвестициялар ва электр энергияси нархи орасида керакли мувозанатни топиш жуда муҳимдир.

Даромад қандай бўлмасин, электр энергия улгуржи бозорида - сотувчи “хўжайин” бўлмаслиги керак. Истеъмолчилар манфаати ҳисобга олиниши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш, улгуржи энергетика бозорини яратиш борасида топшириқлар берган эди.

Эксперт тўлиқ хулосасини Sputnik подкастида тингланг.

Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозорини яратиш керакми – эксперт фикри