Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон вафот этди

Ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этганини хабар қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. 2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар қилди.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди. 1969-2002-йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, “Ёшлик” журналида бош муҳаррир, “Чўлпон” нашриётида директор бўлиб ишлади.

Шоирнинг йигирмага яқин шеърий тўплами, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива”  бадиалари чоп қилинган.

Бу тўпламлардаги “Аму”, “Ойбек”, “Шуълалардан ҳайратланиш”, “Она деган сўз”, “Турналар”, “Мезон”, “Чорлов”, “Ўн учинчи эшик”, “Умримиз ҳақида” каби шеърлари ҳозирги ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридан саналади.

Омон Матжон ижодида “Чўлдагилар” достон хроникаси, “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ўзининг янгича шакли, оҳанги билан китобхон эътиборини тортади.

Шоирнинг 2000 йили “Авесто”нинг 2700 йиллигига бағишланган “Ардахива” асари чоп этилди. 

Омон Матжон қардош ва чет эл адабиётидан кўплаб намуналарни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. Хусусан, Ф.Шиллер, Ш.Бодлер каби жаҳон классиклари, Е.Евтушенко, Р.Ҳамзатов, Ш.Петефи, Ю.Марцинкявичюс, Б.Кербобоев, Сухроб Тоҳир, И.Юсупов сингари шоир ва адиблар ижодидан қилган таржималари эътиборга лойиқ.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон адабиёт ривожи йўлидаги хизматлари учун  давлат мукофотига сазовор бўлган.