“Чегарасиз иш” - ЕОИИда меҳнат мигрантлари учун онлайн платформа ишга тушади - вазир

ЕОИИ ҳудудида “Чегарасиз иш” - меҳнат мигрантлари учун иш берувчилар ва бўш иш жойлари ҳақида маълумот базаси яратилмоқда. Тизим деярли тайёр бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. Евроосиё Иқтисодий комиссияси (ЕИК) ички бозорлар ва ахборотлаштириш вазири Гегам Варданян меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича ЕОИИда жорий этиладиган янги тизим ҳақида айтиб берди.

ЕИК ЕОИИ ҳудудида “Чегарасиз иш” – унификация қилинган иш қидириш тизимини жорий этмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади бўш иш жойлари қидирув тизимини ва иш қидирувчилар маълумот базасини яратишдир. Ундан ЕОИИга аъзо бўлган ҳар бир мамлакат меҳнат ресурслари бўйича маълумот базалари киртилади. Айни дамда меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш лойиҳаси ўзининг якуний босқичида, деди эксперт.  

“Ушбу тизим Иттифоқ фуқароларига барча мамлакатларда мавжуд бўлган иш ўринларини ва иш қидирувчиларни кўриш имконини беради. Умуман олганда, бу барча мавжуд маълумот базаларини бирлаштирган тизим бўлади. Меҳнат ресурслари бўйича маълумот базалари турли мамлакатда сақланади. Иш қидирганда улар ҳар бир мамлакатдан алоҳида-алоҳида кўрсатилади”, - дейди Варданян.  

Экспертнинг фикрига кўра, бундай ёндашув қонунчилик ва шахсий ахборот ҳақидаги муҳим талабларга жавоб беради.

Бу тизим тарқоқ бўлгани учун техник нуқтаи назардан ҳам жуда қизиқ. Ва бугунги кун шароитида у жуда долзарб бўлади. Чунки пандемия туфайли иш ўринлари борасида жуда кўп мураккабликлар юзага келмоқда. Бу тизим эса Иттифоқнинг барча мамлакатларида иш топишга ёрдам беради.

Варданяннинг айтишига қараганда, лойиҳа йил охирида ишга тушади. Декабрда унинг ишлаши намойиш этилади.

“Давлат тузилмалари ва операторлар ушбу тизимни ишга туширишга аллақачон тайёр бўлишган. Ҳозирги вақтда ишга туширишнинг сўнгги созлаш жараёнлари олиб борилмоқда”, - дейди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, Россия ФМХ раҳбари Валентина Казакова Sputnik мухбирига берган интервьюсида яқин вақт ичида Россияда меҳнат мигрантларини ишга қабул қилиш тизими бутунлай ўзгариши ҳақида айтиб ўтган эди. Янги концепцияга кўра Россия Давлат хизматлари порталида иш берувчилар ва ишчилар маълумот базаси яратилади.

Унда Иш берувчилар ва Ишчилар реестри бўлади. Иш берувчилар ўзларида қандай бўш иш ўринлари борлигини кўрсатишади. Ишчилар реестрида эса хорижий фуқаролар рўйхатдан ўтиб, ўз ҳунар ва кўникмаларини кўрсатишади. Мигрантлар Россияга киришидан олдин қайси иш берувчига бораётганини билиб келади. Бу эса рухсат берувчи ҳужжатлар олиш тартибини қисқартиради.