ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди.
Битимни мамлакатга ташриф буюрган Туркия мудофаа вазири генерал Ҳулуси Акар ва Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов имзолади.
Музокара давомида мудофаа вазирлари давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга ва Туркияга амалий ташрифлари давомида эришилган натижаларга, шунингдек, ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
“Музокаралардан сўнг икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар”, - дейилган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири, армия генерали Ҳулуси Акарни қабул қилгани хабар қилинган эди.