Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга келишиб олишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири, армия генерали Ҳулуси Акарни қабул қилди.

Президент сўнгги 3 йилда Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ўз навбатида, Ҳулуси Акар Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.

Ундан ташқари, минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.