Ангрен шакар заводидаги ҳолат: корхона 5 ой ишламаган, лекин ходимларга ойлик тўланган

Ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Тошкент вилояти матбуот-хизмати "Ангрен шакар" корхонаси атрофида тарқалаётган миш-мишларга ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, корхона қарийб 5 ойдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Лекин шунга қарамасдан, шу вақтга қадар ишчи-ходимларга ойлик маош тўлаб келинган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Иккита шакар заводида ходимларни оммавий ишдан бўшатиш бошланди

Таъкидланишича, ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда.

Айни дамда 150 дан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган, уларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган. Ишдан бўшатишлар, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари яна давом этиши мумкин.

Айни пайтда Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимлиги вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича дастлабки режаларни муҳокама қилиб, таклифлар тайёрламоқда. Бунда, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига ишга жойлаштириш назарда тутилмоқда.

Бугун Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Миршоҳид Мирюнусов, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4-сектор раҳбари Анвар Мўминов мазкур корхонада бўлиб, ишчилар ва раҳбарлар билан суҳбатлашди.

Корхонадан бўшатилган ишчи-ходимларга 15 кун муддатда янги иш ўринлари таклиф этиш бўйича хулоса тайёрланаётгани ҳақида ахборот берилган.