ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Халқ таълими вазири Шерзот Шерматовнинг маълум қилишича, синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилади. Бу ҳақда вазир 24 октябр куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Қайд этилишича, яқин кунларда мамлакатдаги таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантириш масаласида Ўзбекистон президенти Фармони лойиҳаси қабул қилинади. Унга кўра, методистларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий таъриф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
2024 йилга қадар эса юқори натижаларга эришган педагоглар ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 15 бараваригача босқичма-босқич ошириб борилади.
Бундан ташқари битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари юқори бўлган умумтаълим муассасаларининг раҳбарлари рағбатлантирилиб, Халқаро фан олимпиадалари ғолибларининг ўқитувчиларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилади.