Азиз Абдуҳакимов Тошкентдаги велойўлакларни шахсан синаб кўрди

Тошкентда Аҳмад Дониш, Фарғона йўли ва Анҳор бўйи кўчаларида икки йил ичида қўшимча 45 км велосипед йўлаклари қурилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik.  Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Миробод ҳамда Сергели туманларида велойўлакчалар қурилишини кўздан кечирди ва уларни шахсан синаб кўрди.

Ишчи гуруҳ таркибига, шунингдек Спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, ҳокимнинг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Дурдона Акрамова ҳамда Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори Санжар Таджиев, туманлар ҳокимлари ва бошқалар киришди.

Азиз Абдуҳакимов Тошкентдаги велойўлакларни шахсан синаб кўрди

Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Шаҳрисабз кўчасидаги велойўлакча яқин 10 кун ичида эксплуатацияга топширилади. Таъкидлаш жоизки, бу йўлакчаларда кўзи ожиз кишилар хавфсиз ҳаракатланиши учун алоҳида жой ажратилган.

“Бу йўлларни ўзимиз шахсан ҳаракатланиб синаб кўрмасак, оммавий спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини  тарғиб қилишга доир ишлар жадал кетмайди”, - деди Бош вазир ўринбосари.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов айтишига кўра, яқин 2 йил ичида Тошкентда қўшимча 45 км велосипед йўлаклари қурилади. 

“Аҳмад Дониш кўчаси тўлиқ тайёр бўлди, умумий майдони 5 километрни ташкил этди. Фарғона йўли кўчасида велойўлакча яратилмоқда, ҳар битта томонини 7 километрдан ҳисобласак, умумий майдони -14 км. Бундан ташқари, анҳор бўйларида ҳам велойўлаклар барпо этилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 10 км чиқади. Хулоса қилиб айтганда, бу йил 20 км майдон велойўлакчага айлантирилади, кейинги йил эса камида 25 км майдон велойўлакчага айлантирилиши белгиланган”, - деди Ҳидоятов. 

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, асосий камчиликлар айрим жойларда зинапоялар қурилиши ва бўёқ ишлари охирига етказилмаганлиги билан боғлиқ, лекин энг асосий муаммо автомобиллар эгаларининг ўз машиналарини тегишли белгилари бўлишига қарамасдан велойўлакчаларга жойлаб қўйишидадир.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари ушбу ўрганиш ишлари бутун шаҳар бўйлаб амалга оширилишини хабар қилди.

Азиз Абдуҳакимов Тошкентдаги велойўлакларни шахсан синаб кўрди