Қашқадарёда Uzbekistan GTL компаниясидаги вазият барқарорлашди

Uzbekistan GTL корхонаси ишчилари ўз иш ўринларига қайтишди, етказилган зарар миқдори аниқланиб тизимдаги носозлик бартараф этилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. Қашқадарё вилоятидаги “Uzbekistan GTL” корхонасида вазият барқарорлашди, ишчилар ўз иш ўринларига қайтишди, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги. 

"Эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашди ва оммавий тартибсизлик тўхтатилди. Ҳозирда “Uzbekistan GTL” мутахассислари томонидан қурилиш майдончасидаги бузилишлар ва келтирилган зарарлар миқдори текширилиб, тизимдаги носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, техник ходимлар ишчи гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда", - дейилган расмий хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, 21 октябр куни Enter Engineering компанияси ишчилари Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилиб компания мулкига зарар етказилган.Бунга ишчилар эрталаб соат 7:30да техник носозлик туфайли ошхонага кира олмаганлиги сабаб бўлган. 

Ишчиларнинг норозилиги бош пудратчилар (Enter Engineering, Hyundai Engineering) шу жумладан Буюртмачи (Uzbekistan GTL) офис биноларининг дераза ойналари, офис жиҳозларини синдириш, шунингдек, бошқа вақтинчалик бино ва иншоотлар (ошхона, омборлар, назорат пунктлари ва бошқалар) бузилишига олиб келди, дейилган вазирлик хабарида.