Россияда ишлаш учун ҳужжат тайёрлаш осонлаштирилмоқда

Эндиликда, патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми, хусусан, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихини ўргатиш ва тегишли сертификат бериш ишлари Ўзбекистонда амалга оширилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 окт - Sputnik. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги "Паспорт ва виза хизмати" федерал давлат унитар корхонаси раҳбари С.Машин бошчилигидаги делегация аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашув ташкил этилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг қисқа рақами ишга тушди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Ички ишлар вазирликлари вакиллари ҳамда Россия Федерацияси "Паспорт-виза хизмати" раҳбари С.Машин, РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Колесников иштирокида ўтказилган учрашувда айни пайтда Россияда ишлаётган ва ушбу мамлакатда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қулайликлар яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Ўзбекистонда Россиянинг кўп функцияли миграция марказини ташкил этиш жадаллаштирилади

Учрашувда таъкидландики, Россия Федерацияси ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш учун ўртача 20 кундан 30 кунгача вақт талаб этилади.

Бу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу жараён меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади. Эндиликда, Россия "Паспорт ва виза хизмати"нинг Ўзбекистонда очилиши режалаштирилаётган ваколатхонаси ҳамда РУДНнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми, хусусан, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихини ўргатиш ва тегишли сертификат бериш ишлари Ўзбекистонда амалга оширилади.

Шу билан бирга, кетишдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш ва Россия Федерацияси ҳудудига кириш учун тақиқ бор-йўқлигини текшириш имкониятини яқин вақтда яратиш ҳам режалаштирилмоқда.

Учрашувда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистонда яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳам маълумот берилди.