ТОШКЕНТ, 16 окт - Sputnik. 2020-йилнинг 15-октябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг видеоконференция шаклидаги учинчи учрашувида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.
Учрашув давомида Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, миграция, маданий-гуманитар, хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик фаровонликни таъминлаш соҳаларида ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари учрашув иштирокчиларига мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши самарали курашиш, пандемиянинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, корхоналар ва миллий экспортёрларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, бунда Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка янада жалб қилиш муҳим омил ҳисобланиши қайд этилди.
Тадбир якунида "Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирларининг ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари тўғрисидаги баёноти" қабул қилинди.