Истеъфо ҳақидаги қарор тўғримиди, буни тарих ва вақт кўрсатади, деди Жээнбеков

Истеъфо берган давлат раҳбари Қирғизистонни ҳуқуқий майдонга қайтариш учун қўлдан келган барча ҳаракатларни амалга оширишини айтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков "Ала-Арча" давлат қароргоҳида бўлиб ўтаётган ЖК йиғилишида ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди.

Қирғизистон Парламенти спикери президент вазифасини бажаришдан бош тортди

"Мана шу уч йил давомида менга ишонч билдирган ва қўллаб-қувватлаган барча қирғизистонликларга, бирга ишлаган ҳукуматнинг барча бўғинларига, давлат ва маҳаллий органларига, ўз аппаратимга, фуқаролик жамиятига ва медиа соҳасига улкан миннатдорлигимни билдираман. Мамлакат ва халқ тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олган янги ҳукуматга муваффақиятлар тилайман", - деди Жээнбеков.

Парламентарийлар қаршисида қилган чиқиши давомида Жээнбеков ўзидан президентлик ваколатларини сокит қилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, вазиятни барқарорлаштириш учун жуда кўп ишлар амалга оширилди, шу билан бирга кўпчилик, давлат учун бундай мураккаб бир вазиятда президент истеъфо беришга ҳақли эмаслиги ҳақида фикрларни билдирган.

Жээнбековнинг истеъфога чиқиш баёнотидан сўнг Бишкек кўчаларида нималар рўй бермоқда

"Аммо мен учун мамлакатимизнинг яхлитлиги, халқ бирдамлиги, жамиятимиздаги тотувлик барчасидан устун. Ҳар бир фуқаро саломатлиги, ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти - мен учун энг қадрли. Мен мамлакатимиздаги тинчликни сақлаш ва жамиятимизда парокандалик юз бермаслиги учун президент лавозимидан кетишга қарор қилдим. Бу қарор тўғри эдими - буни тарих ва вақт кўрсатади", - деди Жээнбеков.

Жээнбеков Аллоҳ ва халқ олдида виждони поклигини айтди, ўтган йиллар давомида турли лавозимларда фаолият юритган вақтларида орттирган тажрибани эса бундан кейин ҳам халқ манфаатлари йўлида ишлатиш ниятидалигини маълум қилди.

Президент нутқидан сўнг ЖК депутатлари Жээнбековни тик турган ҳолда олқишлашди.