Мирзиёев Сирдарёдаги янги уйларни бориб кўрди

Табиий офатдан сўнг Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида табиий-техноген офатлар рўй бергандан кейин у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида вилоятга келди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Давлат раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.

Шу мақсадда учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86 та 5 қаватли уй-жой барпо этилди. Хусусан, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор.

Мирзиёев Сирдарёдаги янги уйларни бориб кўрди

“Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ йўқ эди. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолди.

Мирзиёев Сирдарёдаги янги уйларни бориб кўрди

Давлат раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқ жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратди.

“Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Қудратимиз борлигига, бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонди”, - дея таъкидлади президент.

Кўп қаватли уйлар шинам, ҳовлилари обод. Бу маҳалла “Янги Ўзбекистон” деб номланган.

Мирзиёев Сирдарёдаги янги уйларни бориб кўрди

“Янги Ўзбекистон” дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак, - деди президент.

Мирзиёев Сирдарёдаги янги уйларни бориб кўрди

Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.

Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.