Мирзиёев Раҳмонни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Тожикистон етакчисини куни кеча бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

“Давлатимиз раҳбари Тожикистон етакчисини куни кеча бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга биродар тожик ҳалқи фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятида катта муваффақиятлар тилади”, - дейилган хабарда.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Тожикистонда президент сайловлари натижалари эълон қилинди

Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, Ҳукуматлараро комиссия қарорларини бажариш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар учун янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Қирғизистондаги вазият юзасидан қўшма баёноти қабул қилинганини мамнуният билан қайд этди.

Мулоқот сўнгида мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга иккала томоннинг ҳам интилиши қатъий экани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 11 октябрь куни Тожикистонда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтди. Амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон унда 90,92 фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлди.