Илк бор Ўзбекистон вакили ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди

ЕТТБ тарихида биринчи марта бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб банкнинг Ўзбекистондан бошқарувчиси, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков сайланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. 7-8 октябрь кунлари видеоконференция шаклида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Йиллик йиғилиш кун тартибидаги асосий масала ЕТТБ президентининг сайлови бўлди. Овоз бериш натижаларига кўра Франция Иқтисодиёт, молия ва тикланиш вазирлиги Ғазначилигининг бош директори Одиль Рено-Бассо 2021-2024 йиллар даври учун ЕТТБнинг янги президенти этиб сайланди.

“Шунингдек, ЕТТБ тарихида биринчи марта Банкнинг олий бошқарув органи - бошқарувчилар кенгаши раисининг ўринбосари этиб банкнинг Ўзбекистондан бошқарувчиси, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков сайланди”, - дейилган хабарда.

Йиғилиш доирасида давра суҳбати ташкил этилиб, унинг давомида глобал ва минтақавий иқтисодиётнинг жорий тенденциялари, COVID-19нинг ЕТТБга аъзо мамлакатлар иқтисодиётига таъсири, банкнинг унга аъзо мамлакатларни пандемия билан боғлиқ муаммоларни енгиб ўтишда қўллаб-қувватлаш бўйича фаолияти, шунингдек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ЕТТБ капитал қўйилмалари ва фаолияти бўйича Стратегияси муҳокама қилинди.

ЕТТБ собиқ президенти Шавкат Мирзиёевга маслаҳатчи бўлади

Йиғилиш якунларида шунингдек, Банкнинг келгусидаги истиқболларини белгилаб берувчи бир қатор қарорлар, шу жумладан, Ироқнинг ЕТТБ акциядорлари сафига қўшилиш бўйича буюртманомасини қабул қилиш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан бери ЕТТБ аъзосидир. Ҳозирги вақтда уй-жой коммунал хизматлари, энергетика, йўл ҳўжалиги, ирригация ва экология соҳасида умумий қиймати 1,0 млрд доллардан ортиқ бўлган бир қатор лойиҳалар банк билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.