ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан “Ўзбеккино”да ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган.
Тергов жараёнида “Ўзбеккино” фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.
Аниқланишича, 2018 йил 22 июнда “Ўзбеккино” МА ҳамда “Best organaizer” МЧЖ ўртасида “Менман Жалолиддин”номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.
Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари “Мендирман Жалолиддин” номи билан Туркиядаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.
“Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тергов ҳаракатлари давомида 2020 йил 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган “Мендирман, Жалолиддин” фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳамда ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларнинг жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ”, - дейилган хабарда.
3 октябрь куни Тошкентда саркарда, Чингизхондек ёвга мардонавор қарши чиққан Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердига бағишланган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа ташкилотчилари Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Best organizer” МЧЖ. Сериал Туркиянинг “Bozdag film” компанияси томонидан суратга олинган.