Ўзбекистон 2020 йилдаги иқтисодий таназзуллардан ҳоли бўлади - Fitch Ratings прогнози

2020 йилнинг 9 октябрь куни "Fitch Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 окт - Sputnik. "Fitch Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада сақлаб қолди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Ўзбекистон 8 ойда 5,8 млрд долларлик олтин экспорт қилди

Агентлик кутилмаларига кўра, Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, 2020 йилдаги иқтисодий таназзуллардан ҳоли бўлади. Ўсиш суръатларининг 2020 йил 1-чорак якунлари бўйича 0,2 фоизга пасайишидан сўнг, ўсиш суръатларнинг 0,5 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, фискал чоралар орқали иқтисодиётда истеъмол ва инвестицияларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ва асосий савдо шерикларимиз иқтисодиётининг тикланиши эвазига 2021-2022 йилларда республикада иқтисоди ўсиш 5-5,5 фоизни ташкил этади.

Таъкидланишича, агентлик, жорий йилнинг март ойидан бошлаб 65 %дан ортиқ қайта кўриб чиқилган ҳисоботларида рейтинг кўрсаткич баҳоларини пасайтирган.

Мустаҳкам Ҳукумат баланси, мўтадил давлат қарзи даражаси ва ўсиш суръатлари Ўзбекистон суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида санаб ўтилган. Шу ўринда, институционал ва бошқарув даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.

Яширин иқтисодиётни қисқартиришга доир президент фармони лойиҳаси тайёрланди

COVID-19 глобал пандемияси даврида Ўзбекистон рейтингининг барқарорлиги давлатнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захираларнинг мавжудлигида, диверсификацияланган товарлар экспорти базасида ҳамда ташқи молиявий манбалардан фойдаланиш имкониятларида акс этади. Олтиннинг юқори нархи экспорт, давлат молияси ва халқаро захиралар ҳажмига ижобий таъсир этди. Агентликнинг фикрича, мустаҳкам ташқи ва фискал буферлар жорий операциялар ҳисоби дефицити ва ўсиб бораётган давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни камайтиради.

Мамлакатнинг ёш аҳолиси, инвестицияларнинг юқори даражаси ҳамда назорат остида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар дастури инқироздан кейинги ижобий ўсишга олиб келиши ҳисоботда алоҳида таъкидланган.

Агентлик экспертларининг фикрича, 2017 йилдан бери амалга оширилиб  келинаётган ислоҳотларга Ҳукумат томонидан эътибор катта бўлиб, улар макроиқтисодий барқарорликни яхшилаш, ўсиш истиқболларига эришиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш,  институционал ва бошқарув соҳасидаги камчиликларни бартараф этишни таъминлайди. Агентлик Ҳукуматнинг 2025 йилгача мўлжалланган банк секторини ислоҳ қилиш стратегияси ва 2020-2021 йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштириш режалари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши 2020 йилда секинлашади – ОТБ прогнози

Шунингдек, агентлик Жаҳон банки бошқарув индикаторларининг улуши суверен кредит рейтинг баҳосида юқорилигини айтиб ўтиб, Ўзбекистоннинг мазкур индикаторлардаги ўрни пастлиги ва бу институционал салоҳиятнинг етарли эмаслиги, қонун усутворлигининг нотекис қўлланилиши ва коррупция даражасининг юқорилигидан далолат беришига урғу берди.

Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги (шу жумладан рейтинг прогнози) қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:

-    макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда;

- "қонун устуворлиги", "аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик", "тартибга солиш сифати" ва "коррупцияни назорат қилиш" каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;

-  давлат молиясининг фискал ва ташқи заҳиралари сезиларли ошганда.