ТОШКЕНТ, 8 окт - Sputnik. Пахта терим пулидан солиқ олинмайди. Бу ҳақида Ҳуқуқий ахборот портали Ўзбекистон Солиқ кодексига асосан хабар қилмоқда.
"Солиқ кодексига мувофиқ, пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг пахта териш орқали топган даромадига солиқ солинмайди. Яъни неча килограмм пахта терган бўлсангиз ҳам, терим учун берилган пулдан даромад солиғи олинмайди", - дейилган хабарда.
Ҳуқуқий ахброт порталига маълум бўлишича, айрим ҳудудларда10 кг пахта терими пулидан 1 000 сўм солиқ учун деб ушлаб қолишаётган экан. Бунга жавобан портал юқоридаги маълумотни келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида белгиланишига кўра, бу йилги пахта мавсумида ёлланма теримчиларга терим учун пуллар пахтанинг килограмми учун 1-теримда 1000 сўмдан, 2-теримда 1400 сўмдан кам бўлмаслиги керак.
Ундан ташқари Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида терилган ҳар бир килограм пахта учун Давлат бюджети ҳисобидан қўшимча 200 сўм устама тўланади.
Ишчи ва иш берувчи муносабатлари меҳнат шартномаси орқали расмийлаштирилган бўлиши керак.