ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида 1988 йилнинг 5 октябрь куни содир этилган қотиллик жинояти фош этилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, ушбу жиноятни 1962 йилда туғилган фуқаро М.Б. содир этган. У қотиллик содир этилган пайтда 26 ёшда бўлган.
Жинояти фош бўлган фуқаронинг айтишича, у қотиллик қурбони бўлган, 1933 йилда туғилган аёлнинг уйига аёлнинг таклифи билан кирган. Эркак аёлнинг уйига киргач, унга жинсий алоқа қилишни таклиф этган. Аёл эса бу таклифни рад этган ва ўртада жанжал юзага келган. Жанжал вақтида эркак жаҳл устида аёлнинг қорин ва кўкрак қисмларига 3-4 марта пичоқ урган.
Бу жиноятдан кейин М.Б. яна уч марта қасддан содир этилган жиноятлар учун судланган. У 1993 йилда эски таҳрирдаги Жиноят кодексининг 15-81-моддаси (Қасддан оғир тан жароҳати етказиш), 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Ўғрилик), 2005 йилда 169-модданинг 1-қисми (Ўғрилик) билан айбланган.
Маълум бўлишича, М.Б. қотиллик содир этиш билан бирга, аёлнинг уйидаги бир нечта тилла тақинчоқни ўғирлаб кетган ва жиноят жойида унинг бармоқ излари қолган.
Ромитан туманида яшовчи фуқаронинг 32 йил аввал содир этган жиноятини фош этишда унинг ҳодиса жойида қолдирилган бармоқ излари ёрдам берди. Бухоро вилоят ИИБ Эксперт-кириминалистика бўлими томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойида автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим орқали бармоқ излари текширилган. Ўтказилган криминалистик ўрганишлар бармоқ излари фуқаро М.Б.га тегишли экани ойдинлашган.
Бухоро шаҳар прокуратураси ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини қайта тиклади. М.Б. билан олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида фуқаро содир этган жиноятига тўлиқ иқрорлигини айтган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.