Ўзбекистон ТИВ Қирғизистондаги воқеалар юзасидан ташвиш билдирди

Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 окт - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистон Республикасида юзага келган вазият ва воқеалар ривожидан ташвиш билдирди.

Қирғизистон косаси тўлган кун - тартибсизликларга нима сабаб бўлди

"Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади. Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини яна-да ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз", - дейилади ТИВ баёнотида.

Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.

"Ҳозирги мураккаб вазиятда биз Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз", - деб қўшимча қилинган хабарда.