Қарор қабул қилиш тартибини бузган ҳокимликлар маъмурий жавобгарликка тортилади

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. 

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Ҳокимларнинг айрим функция ва ваколатлари бекор қилинди

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларининг мансабдор шахслари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “E-qaror” тизими орқали қабул қилинмаган қарорларни амалга киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида (1 млн 150 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларининг мансабдор шахслари томонидан ҳудудий адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган ва “E-qaror” тизими орқали қабул қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 561 минг – 2 млн 230 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (2 млн 230 минг – 3 млн 345 минг сўм)миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.