Кўчабоши ва уйбошиларга ҳар ой компенсация тўлаш таклиф қилинди

Кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўлаб бериш таклиф қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган фуқароларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

Европротокол ва мажбурий суғурта: ИИВ ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлади

“Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларининг 2021 йилнинг 1 январдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўлаб бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, - дейилган ҳужжатда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Кўчабоши – фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро;

Уйбоши – фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп квартирали уйларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро.

Айни вақтида ҳужжат қизқин муҳокама қилинмоқда, фойдаланувчилар 20 тадан ортиқ таклиф киритишди.

Ҳужжат лойиҳаси 21 октябргача муҳокама қилинади.