Ўн тўққиз нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигига қабул қилинди

Россия Федерацияси президентининг 5 октябрда имзоланган "Россия Федерациясининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 5 октябр куни "Россия Федерациясининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонини имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида жойлаштирилди.

Унга кўра, умумий тартибда (яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) асосида Россия ҳудудида 5 йил яшаган) 137 нафар киши Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилинди.

Президент фармони билан Ўзбекистон ҳудудида туғилган 19 нафар кишига Россия фуқаролиги берилди.

Шунингдек, АҚШ, Афғонистон, Арманистон, Аргентина, Буюк Британия, Болгария, Беларусь, Вьетнам, Германия, Грузия, Ирландия, Куба, Молдавия, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон, Сурия, Сербия, Украина, Франция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистонда туғилган кишилар Россия фуқаролигига қабул қилинди.