Сурхондарёда 6,5 млрд сўмга қурилган кўприк 9,6 млрд сўмга таъмирланади

Сурхондарё вилоятидаги “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган кўприкни таъмирлашга 9,6 млд сўм сарфланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган кўприкни таъмирлашга 9,6 млрд сўм сарфланади. Бу ҳақда Қумқўрғон тумани 340-йўл бўлими бошлиғи Ҳусан Раҳимов “Севимли” телеканалининг “Замон” ахборот дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўприкнинг бундай аҳволга келиб қолишига, кучли сел ва табиий ҳодисалар сабаб бўлган. Кўприкни лицензияга эга бўлган “Bahrom Universal” МЧЖ қурган. 

"Ҳозирги кунда ушбу кўприкни қайта реконструкция, яъни таъмирлаш учун 9,6 миллиард сўм ажратилган. Ушбу қурилиш ишлари Сурхондарё вилоятида яхши бир тажриба эга бўлган “Xushboq-Ali-Angor” МЧЖ қурувчиси томонидан амалга ошириляпти. Табиий офатнинг ҳисобига кўприк мана шундай ҳолатга келиб қолган”, - деди Раҳимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги4р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган, узунлиги 66 метр бўлган “Полвонтош” селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида 1 йилу 7 ой ўтиб кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон жанубида янги қурилган кўприк қулади

Вилоят прокуратураси  пудратчи корхона томонидан ушбу кўприк қурилиш жараёнида 34 млн. сўмлик ишлар бажарилмагани маълум қилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Термиз транспорт прокуратураси томонидан олдинроқ текшириш ўтказиш бошланган, лекин пандемия вақтида киритилган чекловлар туфайли 18 июнь куни куни жиноят иши бекор қилинган эди.  Ушбу қарор 29 сентябрда Транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.