TikTok юлдузи собиқ эри томонидан онлайн-эфирда ёқиб юборилди

Ёш аёл тўғридан-тўғри эфир вақтида ўз кузатувчилари учун анъанавий тибет қўшиғини ижро этаётган вақтида, унинг хонасига собиқ эри бостириб кирган. Жабрдийда танасининг 90% куйиши билан касалхонага етказилган, у тирик қолмаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ламу тахаллусли хитойлик блогер аёл, собиқ эри томонидан устидан бензин қуйиб, ёқиб юборилиши оқибатида ҳалок бўлди. Beijing Youth Daily янгиликлар портали хабарига кўра, даҳшатли ҳодиса 14 сентябр куни тўғридан-тўғри эфирда юз берган.

Руҳий ва жисмоний зўравонликларга учраб, реабилитация марказига келтирилган аёллар қисмати

Ламу онлай-эфир ташкил қилиб, ўз кузатувчилари учун анъанавий тибет қўшиғини ижро этаётган бўлган. Собиқ эри хонага бостириб кирганида, трансляция давом этаверган. Блогер кузатувчилари экран қорайиб, аёлнинг чинқириқ овозлари эшитилиши гувоҳи бўлганлар.

Шундан сўнг Ламу Сычуан шаҳридаги касалхонага олиб борилган. Шифокорлар маълумотига кўра, аёл жиддий куйиш жароҳатларини олган: унинг терисининг 90 фоизи куйиб кетган. Аёл ҳаёти учун докторлар икки ҳафта давомида курашишган, аммо 30 сентябр куни блогер оламдан ўтган.

Ламу TikTokнинг хитойча версиясида машҳур эди. 30 яшар аёлнинг профилига 800 мингга яқин интернет фойдаланувчилари аъзо бўлишган.

Айрим хитой матбуотларининг хабарига кўра, собиқ эр Ламудан аёл ажрим ташаббускори бўлгани учун худди шу тариқа ўч олган. Биргаликдаги ҳаётлари давомида аёл эри томонидан доим оилавий зўравонликдан азият чеккан. Аёлнинг икки ёш боласи бўлган.

Қариндошлари эркак устидан судга ариза беришган, у қамалиши мумкин.