Мирзиёев коронавирусга чалинган Дональд Трампга шифо тилади

Ўзбекистон етакчиси ўз мактубида Трамплар оиласига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хотиржамлик ва куч-қувват ёр бўлишини тилаб қолган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга мактуб йўллади. Бу ҳақда президент матбуот-хизмати хабар бермоқда.

АҚШ президенти ва биринчи хонимида COVID-19 аниқланди

"Сиз ва Мелания Трамп Хоним Олияларининг коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабарни чуқур безовталик ва катта хавотир билан қабул қилдим. Сизларни қисқа фурсатларда мазкур вирусни муваффақиятли енгиб ўтиб, шифо топишингизга, фаровон ҳаётингиз ҳамда масъулиятли давлатчилик фаолиятингизни давом эттиришингизга ишончим комилдир", - дейилган мактуб матнида.

Ўзбекистон етакчиси Трамплар оиласига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хотиржамлик ва куч-қувват ёр бўлишини тилаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Дональд Трамп ва Мелания Трампларнинг коронавирусга чалингани тўғрисидаги хабар том маънода интернетни "портлатган" эди. АҚШ президенти ўз рафиқаси билан кечадан эътиборан карантинга ўтишларини маълум қилишган.

Ҳозирда Оқ уй Трамп кун тартибидан барча оммавий тадбирларни олиб ташлаган. Америка президенти Уолтер Рид номидаги Вашингтон яқинида жойлашган ҳарбий госпиталда қолмоқда. Оқ уй баёнотига кўра, Трамп у ерда бир неча кун "хавфсизлик чоралари" туфайли қолиб туради.