ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 8-чи сессияси бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Йиғилишни Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очди. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланди, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилди.
Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес Раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилди.
Президент ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслигини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар 2-3 карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлади.
- Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман, - деди Президент. - У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман.
Президент Шавкат Мирзиёев Мурат Камаловнинг инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.
Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди.