ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Ўзгидромет маълумотларига кўра, октябрь ойи ҳарорат режими ва ёғинлар миқдори бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда, бироқ айрим жойларда ёғингарчилик меъёрдан ортиқ бўлиши мумкин.
"1-5 октябрь кунлари бутун республика бўйича об-ҳавонинг кам булутли ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Шамол асосан шарқий йўналишда эсади ва кучсиздан ўртачагача ўзгариши мумкин. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, шимолда 2-7 даража илиқ, кундузи 20-25 даража бўлади", - дейилади хабарда.
Иқлимий меъёрларга кўра, октябрда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 3 дан 5 гача, қолган ҳудудларда 5 дан 7 гача ёғингарчиликли кунлар бўлади. Ёғинлар асосан ёмғир кўринишида, ҳарорат кескин совиганда ёмғирнинг қорга қисқа муддатли ўтиши эҳтимоли бор. Тошкентда сўнгги марта 2018 йилда ёмғирнинг қорга ўтиши қайд этилган.
Ўртача кўп йиллик тунги ҳарорат 6-11 даража илиқни ташкил қилсада, бироқ кўпинча октябрда, айниқса унинг иккинчи ярмида, илк кузги аёз кузатилади.
Октябрда кундузги ҳарорат 23-28 даражадан 10-15 даража илиққача ўзгариб туради.
Таъкидланишича, баъзан амалдаги ҳарорат ва ёғинлар миқдори кўп йиллик давр учун ўртачалаштирилган қийматлардан анча фарқ қилиши мумкин.
Тошкентда, масалан, метеорологик кузатувларнинг юз йиллик тарихида айрим йилларда октябрдаги энг юқори ҳарорат 33-36 даража иссиқни ташкил қилгани қайд этилган. Октябрь ҳароратининг абсолют максимуми 37,5 даража бўлиб, бу рекорд 1941 йилга тегишли.
Тошкент учун октябрь ойидаги энг паст ҳарорат 11,2 даража совуқни ташкил қилади ва бу кўрсаткич анча олдин — ўтган асрнинг бошида қайд этилган. Охирги 20 йил ичида Тошкентдаги минимал ҳарорат 1-2 даража совуқдан паст бўлмаган.
Ўзбекистонда Янги йил оқшомида нега қор ёғмаяпти? Синоптиклар жавоби >>>
2015 йил октябрида пойтахтимизда энг кўп ёғигарчилик бўлгани қайд этилган. Ўшанда ёққан ёғинлар миқдори октябрь ойи меъёридан 3,5 марта кўп бўлган.
2002 йил октябрида эса Тошкентда умуман ёғингарчилик кузатилмаган.