Савдо-сотиқ, гидроэнергетика ва COVID-19: Арипов ва Раҳмон нималарни муҳокама қилди

Абдулла Арипов Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Учрашувда қатор масалалар муҳокама қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тожикистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Учрашув доирасида томонлар Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларининг ҳолати ва ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Суҳбат чоғида ўзаро товар алмашиш ҳажмининг тобора ўсиб бораётгани қайд этилди ва Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг фаол иши таъкидланди.

“Янги коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида ҳамкорликни кенгайтиришга оид долзарб масалалар муҳокамаси чоғида Раҳмон фурсатдан фойдаланиб, барча учун оғир дамларда кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун ўзбек дўстларига яна бир бор миннатдорчилик билдирди”, - дейилган хабарда.

Суҳбат чоғида Арипов ва Раҳмон икки давлат савдо-иқтисодий алоқаларига дунё инқирозининг салбий таъсирига барҳам бериш учун зарурий чоралар кўрилиши тарафдори эканликларини билдиришди. Сўнгра ўзаро товар алмашиш тузилмасини диверсификация қилиш, савдо-сотиқда техник тўсиқларни бартараф этиш, савдо уйлари, компаниялар ваколатхонаси ва филиалини очиш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирган томонлар гидроэнергетикадаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси 29 сентябрь куни Душанбе шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида Абдулла Арипов Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода билан ҳам учрашди.