ОЧЛ: “Пахтакор” чорак финалда қайси жамоага қарши ўйнаши маълум бўлди

Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалида “шерлар”га Эроннинг “Персеполис” клуби рақиблик қилади. Баҳс 30 сентябрь куни Қатарда бўлиб ўтади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Осиё чемпионлар лигаси Ғарб минтақаси чорак финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби ўзининг рақибини билиб олди. “Шерлар”га Эроннинг “Персеполис” клуби рақиблик қилади.

“Пахтакор” Осиё чемпионлар лигаси чорак финалига йўл олди

Иккинчи жуфтликдан эса Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" ва "Ал Насср" клублари жой олишди.

“Пахтакор”нинг “Персеполис”га қарши баҳси 30 сентябрь куни “Жассим бин Ҳамад” стадионида бўлиб ўтади. Ўйинни Тошкент вақти билан соат 22:45 да Sport TV телеканалида томоша қилиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” клуби Осиё чемпионлар лигасининг нимчорак финалида Эроннинг “Истиқлол” клубини таслим этиб, 11 йиллик танаффусдан кейин турнир чорак финалига йўлланма олгани хабар қилинган эди.