Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

Ўзбекистон ТИВ баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Озарбайжон ва Aрманистон муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин. 

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

“Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз”, - дейилган баёнотда.

Тоғли Қорабоғдаги кескинлик

Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғидаги вазият якшанба, 27 сентябрь куни эрталаб кескинлашди. Тан олинмаган республика Озарбайжон ҳарбийлари унинг ҳудудини, жумладан, пойтахт Степанакертани ўққа тутганини маълум қилди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бор.

Қорабоғдаги вазият: Россия ТИВ томонларни зудлик билан ўт очишни бас қилишга чақирди

Боку ва Ереван вазиятни кескинлаштиришда бир-бирини айламоқда. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги арман томони ўт очгани, озарбайжон томони эса ҳужумга қарши амалиётни бошлаганини таъкидламоқда. Арманистон Мудофаа вазирлиги Қорабоғ Озарбайжон томонидан ҳаво ва ракета ҳужумига учраганини маълум қилмоқда.

Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғдаги ҳодисалар туфайли мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик жорий этди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти ҳам шундай қарор қабул қилган.

Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) Тоғли Қорабоғда вазият кескинлашгани туфайли қатор шаҳарлар ва ҳудудларда ҳарбий ҳолат жорий этишга қарор қилди.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Боку ва Ереванни зудлик билан ўт очишни бас қилишга ва музокаралар ўтказишга чақирган эди.