Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилади

Таъкидланишича, Йўл ҳаракати қоидаларининг ўзбек ва рус тилларидаги матнларида ҳам катта тафовутлар мавжуд.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 2021 йил 1 январига қадар Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Вазирлар маҳкамаси томонидан парламент сўровига биноан “Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилган. Унда “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мажбурий фанини жорий этиш, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган. Бу масала бўйича  норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини 1 октябргача ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, 2021 йил январь ойидан ўқитувчилар малакасини ошириш дастурига йўл ҳаракати қоидаларининг киритилиши кўзда тутилган.

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими жорий этилади

Таъкидланишича, Вазирлар маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”ни такомиллаштириш зарур. Жумладан, мазкур Қоидалардаги баъзи бандларнинг ўрни алмаштириб юборилгани оқибатида тегишли бандлардаги ҳаволалар мутлақо бошқа бандларга тааллуқли бўлиб қолмоқда.

“Бундан ташқари, Қоидаларнинг ўзбек ва рус тилларидаги матнларида ҳам катта тафовутлар мавжуд. Бу масала бўйича юқоридаги дастурда 2021 йил 1 январига қадар Йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди”, - дейилган хабарда.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 июнига қадар тест саволларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш кутилмоқда.

1 ноябрга қадар гувоҳномасини йўқотган ҳайдовчилар аризасини қабул қилиш ва ички тизим орқали маъмурий амалиёт бўлимидан зарур маълумотларни электрон олиш дастурини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда Ички ишлар вазирлигининг ягона автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими маъмурий амалиёт тизими билан интеграция қилинади.