ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Тошкентнинг “Пахтакор” клуби Осиё чемпионлар лигасида ўз юришини давом эттирмоқда. Қатарда бўлиб ўтаётган турнирнинг нимчорак финалида “шерлар” Эроннинг энг номдор клуби “Истиқлол”ни 2:1 ҳисобда таслим этди.
Тошкентликлар учрашувни жуда фаоллик билан бошлаган бўлсаларда, баҳсда ҳисобни очиш эронликларга насиб этди. Биринчи бўлимнинг 32-дақиқасида тажрибали Али Карими ўз ҳисобига гол ёздириб қўйиб, “Истиқлол”ни олдинга олиб чиқди.
Ушбу голдан сўнг “Пахтакор” футболчилари олдинга ташланишди ва бўлим якуни арафасида мувозанатни тиклашди. 43-дақиқада қанот ҳимоячиси Ҳожиакбар Алижонов томонидан жарима майдончасига ҳаводан узатилган тўпни Драган Черан боши рақиб дарвозасига аниқ йўллади.
Иккинчи бўлим бошида Эрен Дердийок Тошкент клубининг тезкор ҳужумини гол билан якунлади. Қолган вақтда “Пахтакор” теҳронликларга имконият қолдирмади ва ҳисоб ўйин якунига қадар сақланиб қолди.
Шу тариқа “Пахтакор” футболчилари 11 йиллик танаффусдан кейин Чемпионлар Лигаси чорак финалида ўйнайдиган бўлишди. Бунгача жамоа 2003, 2004 ва 2009 йилларда мусобақанинг чорак финалида ўйнаганди.
“Шерлар” 28 сентябрь куни қуръа натижасига кўра ўз рақибини билиб олади.