ТОШКЕНТ, 26 сен - Sputnik. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкентда криптовалюта савдоси билан ноқонуний шуғулланган шахслар фаолияти фош этилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, фуқаро Т.Т. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, ноқонуний даромад орттириш мақсадида, лицензия олиниши шарт бўлган фаолият тури билан махсус рухсатнома олмасдан шуғулланишган.
Улар бошқа шахсга "1В" (Bitcoin) электрон пул бирлигини 10 463 АҚШ долларидан ҳисоблаб, "20В" (Bitcoin) электрон пул бирлигини ўзининг 7% лик устамаси билан ҳисоблаб жами 224 000 АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.
Тадбир якунида Т.Т.дан электрон пул бирликлари сотувидан тушган 402 071 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Т.Т. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми ва 190-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.