ТОШКЕНТ, 25 сен - Sputnik. Ўзбекистонда меҳнат мигрантларига 10 миллион сўмгача микроқарзлар берилади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти минтақавий филиали бошлиғи Абдуазиз Хафизов маълум қилди.
"Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади", - дейди Хафизов.
Таъкидланишича, 2021 йил 1 январдан:
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими"га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;
микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади;
микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.
Эслатиб этамиз, бунгача вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига хорижда ишга жойлашиш харажатларини қоплаш мақсадида бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар тақдим этилади.
Бунда микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.