Хитой компанияси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги электр узатиш тармоғини тиклайди

Хабарда ёзилишича, лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг паралелл ишлаши вақтида электр энергияси ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Хитойнинг “Shanghai Electric Power Transmission & Distribution” компанияси 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш халқаро тендер танловида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 километр узунликдаги қисми қайта қурилади”, - дейилган хабарда.

Лойиҳанинг дастлабки қиймати 25 миллион долларни ташкил этади.

Таъкидланишича, лойиҳа Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомаси асосида амалга оширилмоқда.