Ўзбекистон ташқи қарзи нега ошди - МБ рақамлари

Ўзбекистон ташқи қарзи 2020 йилнинг 1 ярим йиллигида 12,7% ошди. Бунга сабаб - COVID-19 сабаб юзага келган кризиснинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини камайтириш харажатлари, деб тушинтирди МБ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистон  умумий ташқи қарзи миқдори 2020 йилнинг январь - июн ойларида ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 12,7%га ошиб 27,6 миллиарда долларни ташкил қилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Марказий банки. 

Ушбу қарзнинг катта қисми давлат ҳисобига тўғри келмоқда. Умумий қарзнинг давлат улуши 17,48 млрд.$ (+10,7%)  ва хусусий компаниялар улуши эса 10,127 млрд. $ ни ташкил қилди (+16,2%).

Давлат қарзи таркибида 10 йил ва ундан ортиқ муддатга олинган қарзлар 20,3 миллиард долларни (73,5%) ташкил қилади. 1 йилдан 5 йилгача олинган қарзлар эса 3,395 миллиард долларни (12,3%) ташкил қилмоқда.

Марказий банк хабарига кўра, ташқи қарзнинг ошиши COVID-19 тарқалиши туфайли юзага келган кризиснинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш учун олинган ташқи қарзлар туфайли содир бўлган. 

Бошланди: Аргентина ХВЖ кредитларини тўлашдан бош тортди

Ўзбекистон президенти март ойида COVID-19 оқибатларига қарши кураш учун капитали миқдори 1 миллиард бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилишни буюрган ва ҳукуматга давлат бюджетини молиялаштириш учун ташқи манбаалар қидириш топширилган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Инқирозга қарши курашиш жамғармасига, жумладан Халқаро валюта жамғармасидан - 375 миллион доллар, Жаҳон банкидан - 295 миллион доллар ва Осиё Тараққиёт банкидан – 600 миллион доллар қарзлар жалб этилган эди. 

Маълумот учун, 2019 йилда Ўзбекистон ЯИМи 57,9 млрд. долларни ташкил қилган эди. Нуфузли Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ЯИМи 2020 йилда  5,0-5,8 %га ўсишини башорат қилишган эди. Лекин COVID-19 умумжаҳон эпидемияси туфайли ушбу прогнозлар 1,0-1,8% даржасигача қисқартирилди.