Тошкент шаҳар ИИББ рўмолли аёллар нима учун автобусга олинганини тушунтирди

Интернет тармоғида тарқаган видеомурожаатлардан бирида муаллиф рўмол ўраган аёлларга гўёки ички ишлар органлари ва Миллий гвардия томонидан озор берилаётганини айтган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ рўмолли аёллар нима учун автобусга олингани юзасидан расмий маълумот берди.

Ўзбекистонда жамоат жойларида ибодат либосларида юриш тақиқи бекор қилиниши мумкин

Интернет тармоғида тарқаган видеомурожаатлардан бирида муаллиф рўмол ўраган аёлларга гўёки ички ишлар органлари ва Миллий гвардия томонидан озор берилаётгани ҳақида гапирган эди.

ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур фикрлар ҳақиқатдан йироқ. Рўмол ўраган аёлларга ҳеч қандай озор берилаётгани йўқ, бундай топшириқлар бўлмаган, бўлмайди ҳам. 

“Аёлларни автобусга таклиф қилишдан ягона мақсад – коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан хавфсизлик меъёрларига риоя қилиш муҳимлиги ҳақида сантария-эпидемиология назорати хизмати ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилиши бўлган”, - дейилган хабарда.

Маълум бўлишича, жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлган фуқаро С.Н. ва Н.Р.лар санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ва профилактика инспекторлари томонидан профилактик суҳбат ўтказилиши учун автобусга чиқаётган вақтлари видео муаллифи томонидан тасвирга туширилган.

Видеодаги воқеа 21 сентябрь куни тахминан соат 19:25 да Шайхонтоҳур тумани Ғунча массиви ҳудудида рўй берган.     

Хабарда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига коронавирус хавфи ҳануз долзарблигини эслатиб ўтилган.

“Ҳаётингиз ва соғлиғингизни хавф остига қўйманг, сантария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинг”, - дейилган хабар сўнгида.