Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт-коммуникация йўлагини шакллантиришни муҳокама қилди

Икки мамлакат “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Бу йил Германия, Литва ва Туркманистон бозорларида Ўзбекистон узумлари сотилмоқда

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра,  музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сув хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувларнинг бажарилишини таҳлил қилдилар ва қўшма тадбирларни ўтказиш муддатлари, шу жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги раунди, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддатлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқдилар.

“Транспорт, транспорт-коммуникациялари ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Вазирлар “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилдилар”, - дейилган хабарда.

Музокараларда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор бериб, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари кўриб чиқилди.