Тиббий суғурта тизимини жорий этиш бошланди: дастлаб Сирдарё

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва молиялаштиришнинг бутунлай янги тизими жорий этилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Ўзбекистонда Тиббий суғурта тизимини ташкил қилиш бошланди. Норматив ҳужжатларни муҳокама қилиш порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада аайтилишига кўра, дастлаб Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланган:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш ва бошқариш;
  • аҳолининг барча қатламларига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштириш;
  • даромадлар ва харажатлар прогнози, манфаатдор вазирликлар билан бюджетни шакллантириш;
  • давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва бошқа тушумларни жамлайди ва бошқаради;
  • суғуртаси дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва уларни амалга оширишни молиялаштиради;
  • тиббий хизматлар стратегик харидлари механизмларини ишлаб чиқади ва давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар учун тўловларни амалга оширади;
  • давлат тиббий суғуртасининг ягона электрон ахборот тизими ва ресурсларини бошқаради;

Қонун лойиҳасида 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш ҳам айтиб ўтилган. Бундан мақсад - тиббий хизматлар кўрсатиш ва соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг янги модделларини апробациядан ўтказиш этиб белгиланган. 

Сирдарё тажрибаси доирасида қуйидаги асосий вазифалар белгиланган:  

  • соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг самарали механизмларини ҳамда тиббий хизматлар кўрсатишнинг янги моделларини амалиётга татбиқ этиш;
  • тиббий хизматлар учун тўловларни жон бошига молиялаштириш, “даволанган ҳолат” ҳамда бажарилган ишлар натижалари бўйича амалга ошириш усулларини жорий қилиш;
  • давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам доирасида тиббий хизматлар стратегик харидини амалга ошириш методологиясини ишлаб чиқиш;
  • барча даражадаги амбулатор-поликлиника ҳамда стационар даволаш-профилактика муассасаларида замонавий клиник ва иқтисодий бошқарув механизмларини яратиш;
  • мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш орқали соғлиқни сақлашни бошқариш, молиялаштириш ҳамда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳаларида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
  • тажриба-синов лойиҳаси доирасида тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида интеграциялашган ахборот тизими ва ресурсларини яратиш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.

Лойиҳада келитирилган статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Сирдарё вилоятида соҳлиқни сақлаш соҳасидаги вазият Республика бўйича ўртача кўрсатгичлардан пастлиги кузатилган. Маслан, вилоятда ўртача умр давомийлиги 71,7 йилни ташкил қилган. Республика бўйича ўртача кўрсатгич - 74,6 йилни ташкил қилмоқда. Ундан ташқари шифокорлар сони ҳар 10 000 нафар аҳолига нисбатан 16,4 нафарни ташкил қилган. Республика бўйича ўртача кўрсаткич – 27,2 нафар.