ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев 20 сентябрь куни оғир хасталик туфайли вафот этган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари бугун марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.
“Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!”
Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.