Чироқчида гумонланувчини калтаклаб, ўлдириб қўйган ИИБ ходимлари қамалди

Икки ИИБ профилактика инспектори қасддан баданга оғир шикаст етказиш моддаси бўйича оқланди. Айбланувчилар 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида гумонланувчини калтаклаб, ўлдириб қўйган ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Январь ойида Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди.

21 сентябрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу жиноят бўйича ҳукм чиқарди:

  • Н. Овлаев (Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган) Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • А. Жанқабилов (Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
  • Ш. Рахмонов (Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди.

Унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. Ш. Рахмонов Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

  • А. Тожиноров (Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди.

Унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларига қайта квалификация қилинди. А. Тожиноров Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

  • Б. Ғайратов (Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.