Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида иштирок этади

Ўзбекистон президенти иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади.

“Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради”, - дейилган хабарда.

Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади.

Мирзиёев минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ҳам қатор муҳим таклиф ва фикр-мулоҳазаларини баён этган эди.