ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Россиянинг гипертовушли қурол яратиш сабабларини маълум қилди. Бу ҳақда у “ВПК “НПО машиностроения” ОАЖ фахрий бош қурувчиси, бош директори Герберт Ефремов билан видеоконференция вақтида маълум қилди.
Путиннинг сўзларига кўра, АҚШ ракетага қарши мудофаа бўйича шартномадан чиқиб кетганидан сўнг Москва ушбу қуролни яратишга мажбур бўлган.
“Америка Қўшма Штатларининг 2002 йилда Ракетага қарши мудофаа бўйича шартномадан чиқиши Россияни гипертовушли қурол ишлаб чиқаришга киришишга мажбур қилди. Келгусида бутун ядро потенциалимизни амалда йўқ қилиш хусусиятига эга бўлиши мумкин бўлган АҚШнинг Ракетага қарши мудофаа стратегик тизимини кенгайтиришига жавобан бу қуролни яратишимиз шарт эди”, - деди Путин.
Путин ҳозир Россия илк бор энг янги тарихда энг замонавий қурол турларига эга эканлигини таъкидлади. Ҳозирда бундай қурол ҳеч кимда йўқ.
“Ўнлаб йиллар давомида биз доим қувувчи ролида бўлишимизга тўғри келди, сиз буни яхши биласиз. Бу атом, ядро қуроллари, сўнгра стратегик авиация, ундан кейин қитъалараро ракета техникаси соҳаларида. Мана энди, янги тарихимизда илк бор Россия энг замонавий қурол турларига эга, улар бугунги кунда мавжуд барча қуроллардан кучи, тезлиги, аниқлиги бўйича бир неча баравар устун, бундай қурол ҳеч кимда йўқ, ҳар ҳолда, ҳозирча йўқ", - деди у.
Россия етакчиси суҳбат давомида “Авангард” гипертовушли мажмуасини айнан Герберт Ефремов яратганини маълум қилди.