ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Uzbekistan Airways 23 сентябрдан бошлаб Самарадан чартер парвозлари ташкил қилишни бошлади, деб хабар қилмоқда компания расмий саҳифаси.
"Ўзбекистон фуқаролари ўз Ватанларига қайтиб келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси 2020-йил 23-сентябр куни Самара шаҳридан Тошкентга амалга ошириладиган чартер қатновига эркин сотув очилганини маълум қилади" - дейилган хабарда.
Компания расмий саҳифасида келтирилишига кўра, чипта нархи 352 долларни ташкил қилади. Парвозлар жадвали ҳамда чипталар нархи билан батафсил авиакомпания расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун: Парвозга фақат 72 соат олдин ПЗР таҳлили топширганлиги тўғрисида маълумотномага эга бўлган Ўзбекистон республикаси фуқаролари қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 17 сентябрдан бошлаб Москвадан кунига 2 маротаба авиапарвозлар ташкил қилишни бошлаган эди. Айни дамда чипталар 397 доллардан эркин савдода сотилмоқда. Яқин орада Санкт-Петербургда ҳам чипталар савдоси очилиши кутилмоқда.