ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Бухоронинг Жондор туманида Рекс лақабли хизмат ити ёрдамида ўғирлик жинояти фош этилди.
Хабарда айтилишича, номаълум шахслар Жондор туманида яшовчи хонадон соҳибининг уйидан 580 минг сўмлик уй-рўзғор буюмларини ўғирлаб кетганлар.
Ушбу ҳолат юзасидан тезкор тергов гуруҳи таркибида воқеа жойига чиққан вилоят ИИБ Патруль пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Кинология хизмати кичик инспектор-кинологи Ашраф Қиличов, ўзига бириктирилган "Рекс" лақабли хизмат ити ёрдамида ушбу жиноятни иссиқ изида фош этган.
Натижада мазкур жиноятни содир қилган М.Т. қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-м. 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.