ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Европа парламенти Беларусдаги президент сайловлари якунларини тан олмайди ва Александр Лукашенкони қонуний президент деб ҳисобламайди. Тегишли ҳужжат ташкилот сайтида эълон қилинган.
Таъкидланишича, Европа парламенти Европа кенгаши позициясига мувофиқ 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайловлари натижаларини рад этади. Чунки улар барча тан олинган халқаро меъёрлар бузилишига йўл қўйилган ҳолда ўтган.
“... Александр Лукашенкони Беларусь президенти деб тан олмайди”, - дейилган ҳужжатда.
Европа парламенти депутатлари 14-17 сентябрь куни ялпи сессияда Беларусдаги вазият, Алексей Навальний билан боғлиқ вазият ва Россия билан муносабат каби бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Беларусдаги оммавий норозилик намойишлари 9 август куни, президент сайловларида олтинчи маротаба Лукашенко ғалаба қозонгач, бошланган эди. МСК маълумотларига кўра, у 80,1 фоиз овоз олган. Мухолифат сайловларда Светлана Тихановская ғалаба қозонди дея ҳисоблайди. Тихановскаянинг ўзи мамлакатни тарк этишга қарор қилди ва Литвага йўл олди.
Намойишларнинг илк кунларида куч тузилмаси ходимлари протест қатнашчиларига нисбатан кўз ёш оқизувчи газ, водомет, шовқин гранаталари, резина ўқларни ишлатишган. Сўнгра ҳуқуқ тартибот органлари митингларни тарқатишни ва куч методларидан фойдаланишни тўхтатишди.
Расмий маълумотларга, илк кунларда 6,7 мингдан зиёд қўлга олинган. ИИВ хабарига кўра, тартибсизликлар давомида юзлаб одамлар жабрланган, жумладан, 120дан ортиқ куч ходимлари ҳам. Беларус ҳукумати маълумотига кўра, уч киши қурбон бўлган.