РФда ЕОИИ ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ишлашга рухсат берилиши мумкин

Россия қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар ЕОИИ давлатлари фуқароларига Россия ҳудудида миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлашга рухсат беради. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи фуқароларига Россия автомобилни бошқариш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланганда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Бу ҳақида норматив ҳуқуий ҳужжатлар порталида жойлаштирилган янги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган. 

Лойиҳада "Йўл-ҳаракати қоидалари хавфсизлиги тўғрисидаги" қонуннинг 13 бандига ўзгариш киритиш таклиф қилинган. 

Айни дамда ушбу банддда - Автомобилни бошқариш билан бевосита боғлиқ бўлган меҳнат фаолиятини амалга оширганда халқаро ёки хорижий миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, дейилган. 

Ушбу қонунга қуйидаги қўшимча абзац киритиш таклиф қилинмоқда:

"Ушбу бандда келтирилган талаб ЕОИИ давлатлари ҳамда рус тилидан давлат тили ёки расмий тил сифатида фойдаланаётган давлатлар фуқаролари учун истисно қилинади. Улар миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ёрдамида автомобилни бошқариш билан бевосита боғлиқ бўлган меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мумкин".  

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳудудида 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб чет давлатлар фуқароларига Россияда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган тақдирда ҳайдовчи бўлиб ишлаш таъқиқланган. 

Айни дамда ЕОИИга Россия, Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган. Молдова - кузатувчи мақомида, Ўзбекистон ҳам ушбу мақомни олиш арафасида.