Сув хўжалигида янги инновация жорий этиш учун 250 миллиард сўм йўналтирилади

Шавкат Мирзиёев бу тажрибани кенг қўллаб, пахта, ғалла ва шоли майдонларини лазер ёрдамида текислаш муҳимлигини таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистонда сув хўжалигида яна бир инновация - экин майдонини лазер ёрдамида текислаш жорий этиш учун камида 250 миллиард сўм йўналтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни қўллаганларга давлат ёрдам беради

Таъкидланишича, минтақамда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Охирги 10 йилда, мисол учун, Ўзбекистонда сув ҳажми 12 фоизга, ўтган йилгига нисбатан эса бу йил 15 фоизга камайган.

Видеоселекторда сув хўжалигидаги ишлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва туманлар кесимида танқидий таҳлил қилиниб, галдаги муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Келгуси йилда сув тежовчи технологияларни жорий этишни 600 минг гектарга етказиш режа қилиб қўйилди. Бунинг учун давлат бюджетидан зарур маблағ йўналтириш, ташаббускорлар харажатининг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари ресурсларини жалб қилиб, салоҳиятли фермер хўжаликлари ва кластерларга тижорат банклари орқали кредит ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон уч вилоятидаги майдонларни суғориш учун Тожикистондан қўшимча сув олади

Сув тежовчи технологиялар қамрови кенгайиши билан уларни ишлаб чиқаришга ҳам талаб ошади. Бироқ, мамлакатда шунга ихтисослашган 13 та корхонанинг қуввати келгуси йил эҳтиёжининг ярмини қоплашга ҳам етмайди. Шу боис мутасаддиларга Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятларида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги яна бир инновация – кластерлар 3 минг гектардан зиёд экин майдонини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20-25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежашга, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишга эришган.

“Давлатимиз раҳбари бу тажрибани кенг қўллаб, пахта, ғалла ва шоли майдонларини лазер ёрдамида текислаш муҳимлигини таъкидлади. Молия вазирлигига ушбу технологияни жорий қилишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан камида 250 миллиард сўм кредит ажратиш топширилди”, - дейилган хабарда.

Сув хўжалиги вазирлигига йил якунигача 150 та, келгуси йилдан барча ўлчаш постларида сувни онлайн режимда назорат қилувчи автоматлашган тизим жорий этиш вазифаси юклатилди.

Суғориш меъёрларини ҳисоблаш методикасини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) талабларига мослаштириш, сув ҳисоблагичлар ўрнатган истеъмолчиларни рағбатлантириш юзасидан вазифалар белгиланди.