Ўзбекистон-Россия муносабатлари янги мазмун билан тўлдирилади

Пандемияга қарамасдан Ўзбекистон ва Россия орасида товар айирбошлаш кўрсаткичлари ортиб, қўшма корхоналар сони кўпаймоқда, деди Мирзиёев.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчукни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатлари кун тартибини янги мазмун билан бойитиш мақсадида ҳамкорликдаги устувор дастур ва лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Хусусан, иқтисодий кооперация бўйича узоқ муддатли дастур тайёрлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ҳудудлар ўртасида амалий алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасида яқин мулоқотларни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай Россия ва Ўзбекистон ўртасида фаол мулоқот ва ҳамкорлик суръати сақлаб қолинаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида Алексей Оверчук учрашув ўтказиш имконияти учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ҳамда Россия президенти Владимир Путин ва ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.